Ўзбекистон – ШҲТ: минтақада мулоқот ва тараққиётга содиқлик
Ўзбекистон – ШҲТ: минтақада мулоқот ва тараққиётга содиқлик
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август – 1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тянцзин шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) навбатдаги саммитида иштирок этади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бугунги кунда энг йирик ва нуфузли халқаро ташкилотлардан бирига айланган. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда ташкил этилганидан бери дунё аҳолисининг 40 фоиздан ортиғини ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисмини бирлаштирган нуфузли халқаро тузилма сифатида қисқа вақт ичида ўзини намоён қилди.
Бугунги кунда ШҲТ оиласига 10 та аъзо давлат, 2 та кузатувчи ва 14 та мулоқот бўйича ҳамкорлар киради. Бу эса унга Осиё, Европа ва Африканинг кенг ҳудудларини қамраб олиш имконини беради ва шу орқали хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва гуманитар алоқалар соҳаларида ишонч ва ҳамкорлик маконини яратади. Шундай қилиб, ўсиб бораётган геосиёсий нотинчлик шароитида ШҲТ муҳим барқарорлаштирувчи омил бўлиб, дунёга тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ва барча иштирокчилар манфаатларини ҳисобга олишнинг ўзига хос моделини таклиф қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Остона саммитида “Шанхай руҳи”нинг ўзгармас қадрияти – ишонч, тенглик ва маданий хилма-хилликка ҳурматни алоҳида қайд этди. У, шунингдек, ташкилотнинг кучи консенсус, қўшилмаслик ва дунёга очиқлик асосида қарорлар қабул қилишида эканини алоҳида таъкидалди. “Ҳозирги кунда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳимдир. Биз “ШҲТ оиласи” жипслигини кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб, очилаётган янги имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз зарур”, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон ташкилотнинг таъсисчи давлатларидан бири сифатида анъанавий тарзда фаол позицияни эгаллаб, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурмоқда. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда: Тошкент терроризм, экстремизм, наркотрафик ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашигда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни изчил қўллаб-қувватлайди. Айнан Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йилда Тошкентда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ташкил этилгани, ташкилотга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг учрашувлари формати жорий этилгани, ташкилотда кузатувчи мақоми бериш механизми ишга туширилгани эътиборлидир. Шу билан бирга, Ўзбекистон Евроосиёда транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш, “яшил” энергетикани ривожлантириш, рақамлаштириш ва инновацион ҳамкорликка оид ғояларни фаол илгари сурмоқда.
ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 2024 йил 16 октябрдаги йиғилишида Ўзбекистоннинг таклифига биноан иштирокчи давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида янги иқтисодий мулоқотни ривожлантириш бўйича шериклик консепсияси қабул қилинди. Ушбу ташаббуслар расмий Тошкентнинг ШҲТ фаолиятига узоқ муддатли характер бериш, хавфсизлик кун тартиби ва барқарор ривожланиш вазифалари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш истагини акс эттиради.
Ўзбекистон халқларни бир-бирига яқинлаштириш, ёшлар ва таълим соҳасидаги алмашинувларни кенгайтириш, илм-фан, маданият ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суришга катта аҳамият қаратаяпти. Расмий Тошкентга кўра, ШҲТнинг гуманитар жиҳати мамлакатлар ва халқлар ўртасида мустаҳкам ишонч кўприги бўлиб хизмат қилади.
2018 йилда Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг очилиши бу борадаги ёрқин воқеа бўлди. Ушбу ноёб платформа маданий-маърифий ва ёшлар ташаббусларини бирлаштириб, халқлар дўстлигининг жонли кўпригига айланди. Бугун бу ерда ўтказилаётган кўргазмалар, фестиваллар, анжуманлар, давра суҳбатлари ўзаро ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Ушбу марказнинг мамлакатимизда очилиши Ўзбекистоннинг ташкилот маконида маданиятлар ва цивилизациялар мулоқотини илгари суришдаги алоҳида ўрнини ифодалайди.
Умуман олганда, 2017 йилдан буён Ўзбекистон Президенти томонидан сиёсат ва иқтисодиётдан тортиб транспорт, инновацион ва гуманитар ҳамкорликгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олган 105 та ташаббус илгари сурилди. Ушбу таклифларнинг аксарияти ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг янги дастур ва форматлари учун асос бўлиб, Тошкентнинг ташкилотга замонавий ва амалиётга йўналтирилган тус бериш истагини яққол намоён этади. Бугунги кунга қадар 83 та ташаббус амалга оширилди, яна 22 таси амалга ошириш жараёнида. Амалий амалга оширишнинг бундай юқори фоизи Ўзбекистон ғоялари ҳамкорлар томонидан якдил қўллаб-қувватланиб, шерикликни мустаҳкамлашнинг ҳақиқий воситасига айланиб бораётганини тасдиқлайди.
Ўзбекистоннинг ШҲТдаги иштироки тарихида 2021-2022 йилларда мазкур тузулмага раислик алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган саммитда якунига етди. Мазкур форум ташкилотнинг энг нуфузли йиғилишларидан бири сифатида тарих зарварақларидан ўрин олди. У ШҲТнинг жаҳон ҳаётидаги роли ортиб бораётганини тасдиқлади ҳамда унинг кенгайиш ва ҳамкорликнинг янги форматига очиқлигини намойиш этди. Цивилизациялар чорраҳаси, маданиятлараро мулоқот рамзи бўлган қадимий Самарқанд ташкилот глобал барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ўзининг янги миссиясини эълон қилган масканга айлангани рамзий маънога эга.
Айнан Самарқандда ШҲТни келгусида ривожлантиришнинг стратегик йўналишини белгилаб берувчи муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Асосий эътибор озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш – миллионлаб одамлар фаровонлиги ва бутун минтақа барқарорлигига бевосита дахлдор барча масалаларга қаратилди.
Самарқанд саммити чинакам тарихий аҳамиятга эга бўлди. Саммит якунида, ШҲТ фаолиятини сифат жиҳатидан янги амалий мазмун билан тўлдирган рекорд миқдордаги келишувлар – 44 та ҳужжат имзоланди. Эътиборлиси, Самарқандда Эроннинг ШҲТга тўлақонли аъзо бўлишига йўл очиб берган мажбуриятлар тўғрисидаги меморандум имзоланди. Самарқандда Миср, Қатар ва Саудия Арабистонининг ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари мақомини ҳуқуқий расмийлаштириш жараёни ҳам якунланди ва Беларусь ташкилотга аъзо бўлиш тартибини расман бошлади.
Бундан ташқари, Баҳрайн, Мальдив ороллари, БАА, Кувайт ва Мяньманинг ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини олиши ҳақидаги аризалари қўллаб-қувватланди.
Саммит доирасида ШҲТнинг Араб давлатлари лигаси, ЮНЕСКО ва БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия билан ўзаро англашув меморандумлари ҳам имзолангани ташкилотнинг халқаро алоқалари кенгайиб бораётганининг ёрқин далили бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ШҲТ фаолиятида нафақат фаол иштирок этади, балки унинг асосий ғоявий “локомотив”ларидан бири сифатида ҳам ҳаракат қилади. Бугун Ўзбекистон ҳақли равишда ШҲТ ривожланиш динамикаси ва йўналишларини белгилаб берувчи, уни тенг ҳуқуқли мулоқот ва умумий тараққиёт учун самарали платформага айлантирувчи давлатлардан бири сифатида қабул қилинмоқда.
Шу нуқтаи назардан, бўлажак саммит ва Ўзбекистон Президентининг унда иштирок этиши ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида бундан буён ҳам фаол ишлашга тайёрлигини яққол намоён этади. Бу мамлакатимизнинг минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва замонамизнинг асосий чақириқларига келишилган ечимларни топиш йўлидаги давомли содиқлигининг тасдиғидир. Шунингдек, расмий Тошкентнинг саммитдаги иштироки нафақат кўп томонлама мулоқот доирасида миллий манфаатларни илгари суриш, балки бутун минтақа халқларининг фаровонлиги ва тараққиёти йўлида минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий шерикликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
“Дунё” АА