Қозон шаҳрида Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида Бухоро давлат университети, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Бухоро шаҳридаги 1-умумтаълим мактаб филолог профессор ўқитувчилардан ташкил топган делегацияси ва Қозон (Волгабўйи) Федерал университетининг Филология ва маданиятлараро коммуникация институти билан ҳамкорликда буюк ўзбек олими, мутафаккири, астрономи, шоири, атоқли давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбири ташкил этилди.
Тадбир айнан Қозон (Волгабўйи) Федерал университетининг филология ва маданиятлараро коммуникация Институти негизида Мирзо Улуғбек номидаги Марказда ўтказилгани рамзий маънога эга бўлиб, тадбир давомида Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тақдимотлар, дунё фанига кўшган улкан ҳиссаси ва илмий мероси алоҳида эътироф этилди.
Иштирокчилар мазкур форматдаги маданий-маърифий тадбирларнинг ўтказилиши нафақат давлатлар ўртасидаги фан ва таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, балки маданиятлараро мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга ёрдам беришини таъкидладилар.
Мирзо Улуғбек номидаги Марказ Қозон (Волгабўйи) Федерал университетининг Филология ва маданиятлараро коммуникация институти негизида 2022 йил декабрь ойида ташкил этилган бўлиб, ўзбек тили, адабиётини ва маданиятини оммалаштириш, ривожлантириш ва умуман, Ўзбекистон илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон Республикаси Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва филолог олимлар делегацияси томонидан тайёрланган дарслик, ўқув кўлланмалари ва адабиётлар Мирзо Улуғбек номидаги Марказга тақдим қилинди.