Ўзбекистон ҳудудлари ва Пермь ўлкаси ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари ўрганилди
Мамлакатизнинг Қозондаги Бош консули Фариддин Насриев Пермь ўлкасида ўтказилган Минтақалараро экспорт форумида иштирок этди ва ушбу ўлкада таълим олаётган ҳамда ишлаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Бош консул фахрий меҳмон сифатида Форумнинг «Россия минтақалари ва глобал бозорлари: янги воқелик шароитида ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш» мавзусидаги ялпи мажлисда иштирок этди.
Тадбир доирасида «Россия, Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон, МДҲ бозори қандай имкониятларни таклиф этмоқда?» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда қатнашган дипломат мамлакатимиз ҳудудлари ва Пермь ўлкаси мисолида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида тақдимот ўтказди.
Фариддин Насриев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама стратегик шериклик муносабатларининг устувор йўналишлари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш эканини таъкидлади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати, электротехника ва бошқа соҳалардаги тадбиркорлар ўртасида мавжуд алоқаларни кенгайтириш ва янги алоқаларни ўрнатиш бўйича кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.
Форум доирасида Пермь вилоятининг Туризм ва ёшлар сиёсати вазири Ю.Ветошкина, Пермь вилоятининг Иқтисодий ривожланиш ва инвестициялар вазири Э.Соснин, Пермь вилояти Саноат ва савдо вазирининг маслаҳатчиси В.Маслов билан учрашувлар ўтказилди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон вилоятлари ва Пермь ўлкаси ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш мақсадида манфаатдор тадбиркорларнинг видеоконференцалоқа шаклидаги мулоқотларини ташкил этиш ва туризм саноати имкониятларидан кенг фойдаланиш тўғрисида келишиб олди.
Бош консул Россиянинг ушбу минтақасига ташрифи давомида, шунингдек, Пермь ўлкаси олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ва вақтинча ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказди.
Ватандошларимиз Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган ижтимоий-сиёсий тараққиёт, Янги Ўзбекистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва ижтимоий ривожланишидаги кўрсаткичлар билан танишди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳақида ҳам сўз юритилди.
Ўз навбатида, ватандошларимизнинг қизиқтирган саволларига жавоб қайтарилди, консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.